среда, 13 мая 2015 г.

“...аёқ етганча кетгаймен”


“Одам деган ўзи овқат еб турган қошиқ билан... пашшани ўлдирмайди.”

Чемпионат финалига ёзаман, деб ўйлаб юрган мавзуларим бор эди. Тахминан шундай:
коллеж битирувчилари бандлигини таъминлаш муаммолари ҳақида “Қоғоздан ўчоқ, гулдан ўтин”;
бир қарашда бизнесга айланаётгандек тасаввур уйғотаётган соғлиқни сақлаш тизими ва шифокор ҳамда дорихона “ҳамкорлиги” юзасидан “...Ўртада сарсон касал”;
бу йилги ноқулай об-ҳаво шароитида деҳқон кўраётган машаққатлару унга ақл ўргатувчиларнинг кўплиги хусусида айтматовча сарлавҳа билан “Пахтанинг “ойдин” йўли...”
Аммо блогерликнинг ҳам бир ёзилмаган қонуни бор шекилли-да. Блогер дегани худди кундалик юритиб борадиган ўсмир каби саркашроқ бўлиб қоларкан. Ўзинг муҳим деб билган гапни энди ёзаман деб турганингда, кутилмаганда, бошқа бир мавзу “лаббай” деб кириб келаркан.
Халқимизнинг беназир созандаси ҳақидаги мана бу лавҳа худди шундай, финалга мавзу танлаш жараёнида шууримда бир лаҳза  “меҳмон” бўлди.

Турғун Алиматовнинг жавоби

Тамбур ижрочиларининг нуфузли танлови ўтказилибди. Ҳакамлар ҳайъатига раислик қилиш беназир созанда Турғун Алиматовга топширилибди. Мукофот катта, чор-тарафдан мана-ман деган мутриблар келиб, соз “сайратишибди”.
Якунда ғолибликка икки ёш танбурчи даъвогар бўлиб, ҳайъатни ҳийла шошириб қўйибди. Иккиси ҳам олий ўринга лойиғ-у, бош соврин битта экан-да. Ҳаммадан ҳам устоз созандага қийин. Биринчидан, у — раис, иккинчидан, даъвогарлар  ўзининг шогирди. Яна денг, бири суюкли набираси...
 Бу икки шогирд ҳозир тенгсиз танбурчи. Танийсиз, улардан бири Аброржон Зуфаров — анъанавий созандалик бўйича консерватория мураббийси. Тоир Асқар эса “Сато” гуруҳининг асосчиси, хизмат кўрсатган артист.
Хуллас, ғолибни аниқлашда бир қарорга келолмаган ҳайъат ҳалидан буён сукут сақлаб ўтирган Турғун Алиматовга юзланибди: “ўзингиз бирор нима денг, энди...”
— Ғолиб маълум, баҳсга ўрин йўқ, —  дебди раис. — Икки даъвогар ҳам бетакрор истеъдод эгаси. Лекин, биринчи ўринни Тоир Асқаровга берсак, адолатдан бўлади...
Ҳайъатдан луқмалар:
— Аброржон ҳам куйни моҳирона ижро этди-ку?!
— Ўз набирангиз-а, ахир...
— Тўғри айтасиз, Аброр — набирам, — дебди устоз. — Бинобарин, соз чалишни ўз уйида, менинг ёнимда юриб ўрганди. Тоир эса ушоқдай пайтидан мени дараклаб келди, ҳар куни шунча узоқ жойдан қатнаб, сабоқ олди. Энди ўзингиз айтинг-чи, илму ҳунар эгаллаш йўлида ким кўпроқ тер тўккан, Аброрми ё Тоир?

Бу кечаги куннинг гаплари, албатта. Ўтган босқичлар сабоғи шуки, бугуннинг руҳи сезилмайдиган постлар билан иш битмайди. Хўш, унда нажот қаерда?
Дарвоқе, Нажот — Хўжақўрғонда...   

“Сани севганлигим айбим...”

... Тўйга катта Ҳофиз келди. Тўйхонага бутун Хўжақўрғон аҳли йиғилди. Кимдир Ҳофизни тинглаб сел бўлди, кимнингдир дарди селфи бўлди. Базм охирлаб қолганда, Арофат ая ўн саккиз ёшли набираси Нажот Султоновни санъаткорнинг олдига етаклаб, дуо сўради. Санъат устасининг кайфияти яхшимиди, ё бир дили кетдими, йигитчанинг унча-бунча қўшиқ айтиб туришини билгач, микрафонда “шу бола қўшиқ айтиб беради”, деб қолди. Кутилмаган таклифдан ўзини йўқотмаган Нажот микрафонни олиб, созандаларга қаради-да:
— “Сардори менман”, — деди ва қўшиб қўйди: — “Ля”дан...
Нажот авжини олганда Ҳофизнинг завқи жўшди, хўплаб турган чойини қўйиб, жўравозлик қилди.
Ижро тугагач, Ҳофиз оддий қишлоқ боласига фотиҳа бераркан: “Сен қўшиқни ҳов анави данғи чиққанлардан яхши этаркансан”, деворди...
Эҳтимол, Ҳофиз лутф қилгандир. Билмадим. Билганим шуки, Нажот етти йилдан буён ёш истеъдодларга бериладиган мукофот учун ўтказиладиган танловнинг вилоят босқичидан нарига ўтолмайди. Эҳтимол, кимнингдир ўғли, кимнингдир жияни, кимнингдир “телефон”и ҳалал берар? Яна билмадим. Билганим шуки, бундан буёғига ҳам ўтолмаслиги аниқ. Чунки мукофотга энди ёши тўғри келмайди. Қолаверса, охирги иштирокида куппа-кундузи, кўз ўнгида рўй берган адолатсизликни кўриб, танлов ҳайъатига дангал сўз берган: “Бўлди, бошқа қўшиқ айтмайман...”
Шундоғам ҳозир унинг ишлари юришиб кетган. Амакисининг фермер хўжалигида “МТЗ-80”нинг қора тутунини чиқариб жавлон ураяпти.
Ажаб! Халқ ҳофизи Фахриддин Умаров санъатга... тракторчиликдан кириб келган, дейишарди. Бизнинг Нажотбой эса тракторчиликни санъатдан бошлади.
Айтгандек, бундан ўн йилча аввал Нажотнинг қистови билан Фахриддин Умаровни кўргани “Лабзак”даги хонадонига борганимизда, устоз санъаткор қалтироқ қўллари билан хонтахтани чертиб, етмишинчи йилларда ижро этган бир қўшиғидан парча айтиб берганди. Кейинчалик бу қўшиқни такрор эшитгим келиб, овоз ёзиш студияларидан ҳам, “Оҳанг медиа” томонидан тўпланган альбомлардан ҳам топа олмадим. Сўрай десам, ҳофиз орамизда йўқ.
Шу сатрларни ёзаётганда ҳарчанд уринмай, ашула оҳангини эслолмадим. Нажотга қўнғироқ қилиб, “ўша қўшиқ эсингдами” десам, бир лаҳза индамай қолди. Ниҳоят, одамни ҳуноб қиладиган ғамгин нолалар билан ҳиргойи қила кетди:   
Сани севганлигим айбим, мани ўзга гуноҳим йўқ,
Бу ишқдин сан Ўзинг огоҳ, мани ўзга гувоҳим йўқ...

...Қўшиқни мароқ билан тинглаб, унинг сўзларидан Нажотнинг кўнглидаги исмсиз армонларга энди ном топдим, деганимда... “Телеграм”дан келган мана бу хабар хаёлларимни тўзғитворди. Яна бояги гап  — кутилмаган “ташриф”.
“Kun.uz” ахборотидан: “Шоир Ботир Эргашев “Аллоҳимга айтиб бер” шеъри атрофида бўлаётган шов-шувларга муносабат билдирди...”
Гап нимада эканлигига қизиқиб, суриштирдим. Биласизми, мен ёзилажак пост учун яна бир мавзу топдим, деб ўйлагандим. Аммо....

“Ўхшайди-ку” ёхуд шўрванинг шўрваси...

Бундан бир неча йил илгари телевидение орқали халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг “Сени ҳеч ким севолмайди менингдек” деб бошланувчи шеъри билан айтилган қўшиқ кўп бора янгради. (Кейинчалик Сардор Мамадалиев ҳам шу шеърга мурожаат қилди). Мени ажаблантиргани — қўшиқ қўйилаётганда титрда шеър муаллифи “Дониёр Мирзо” деб ёзилгани бўлди. Охири “Ҳуррият” газетаси шу ҳақда луқма бергач, телевидение мутасаддилари хатони тўғирлашди...
Бу ерда тушунмовчилик бўлгани аниқ. Ҳар ҳолда Дониёр шеърга муаллифлик даъвосини қилмади...
Плагиатор, яъни кўчирмачилик — бегона одамга тегишли асарларни, ижод намуналарини, илм-фан кашфиётларини кўр-кўрона ўзиники қилиб олишдир. Бу муаллифлик ҳуқуқини бузиш ҳисобланиб, бутун дунёда, шу жумладан, мамлакатимизда ҳам амалдаги қонунчиликка кўра таъқиб этилади.
Ижодкорлик худди савдо каби ҳалолликни хуш кўради. Ҳалол ижодкор бошқа бир қаламкашнинг бир сатридан фойдаланганда ҳам, албатта, манбасини кўрсатади.
Мана:
Қаландарлар кезар “Ё Оллоҳ, дўст”лаб,
Майхўрлар ҳисоблар чақоларини.
Бегим Умархонга ишқини сўзлаб,
“Ғазал билан тикар яқоларини”.
Ҳалима Худойбердиева ўзининг “Буюк қушлар” китобида берилган мазкур шеърий парчадаги тўртинчи мисрани бежиз қўштирноққа олмаган. Китобнинг 623-бетидаги сноскага қарасангиз, бу сатр Асқар Маҳкамга тегишли эканини кўрасиз.
Сал аввалроқ ижтимоий тармоқларда номдор халқ артисти янги концертида куйлаган “Айтиб бер” қўшиғининг матни борасида ҳам худди шундай гап-сўзлар айланди. Манбаларнинг ёзишича, қўшиқ матни Ботир Эргашевга тегишли. Бироқ, худди шундай руҳдаги шеърнинг яна бир муаллифи бор экан қаранг, Баҳриддин Асрор, деган. Азбаройи ваҳиманинг зўридан иккала шеърни ҳам топиб ўқидим. Икковини ҳам “ушлаб” турган ягона фикр ўша — қуролли тўқнашувларда дайди ўқ текан суриялик норасиданинг жарроҳлик столида айтган гапи: “Ҳаммангизни худойимга айтиб бераман!..” Назаримда, бу ерда плагиатлик йўқдай, бинобарин, фикр талашишнинг ўзи ножоиз. Шеърни шеър қилиб турган биргина гап, исёнкор руҳ ҳам суриялик гўдакники ахир... Аслида, мана шу гапни демаса, иккала шеър ҳам, юмшоқ қилиб айтганда, шўрванинг шўрваси-да...
Фараз қилинг, суриялик гўдак шу гапни айтмаганда нима бўларди? Зўр бўларди-да. “Сени шу куйга солганларни ҳаммасини Оллоҳимга айтиб бер”, деб шеър ёзган шоир шу сатри билан дунёга чиқармиди, валлоҳу аълам!
Афсуски, бизнинг шоирлар оригинал фикр айтишдан кўра, қўшиқ бўлган шиғирларни талашишни хуш кўришади, чоғи. Эҳтимол, шунинг учун ҳам Тўйтепадан нарига ўтишолмас...

Шуларни ўйладиму буларнинг бари шоу-бизнеснинг навбатдаги “қулоқтепди”си эмасмикин, деб бу мавзудан ҳам воз кечдим. Кейинроқ фонограмма муаммолари ҳақида ёзмоқчи бўлиб, мана буларни қоралай бошладим...

Фонограммадан... фойдаланилади

... Шогирд устози пири комилдан сўради:
— Устоз, қадимда ҳам ҳофизлар бугунгидек кўп бўлганми?
Пири комил жавоб қилди:
— Унчаликмас, бўтам. Аҳён-аҳёнда у ер бу ердан ҳофизу ҳофизалар чиқиб турган, ҳолос.
Эзма шогирд яна сўради:
Бунинг боиси недур, устоз?
Устоз бир хўрсиниб олгач, жавоб қилди:
— Илгари одамлар анча содда бўлишган, бўтам. Қўшиқ айтиш учун овоз керак, деб ўйлашган...
Ана шунақа. Ҳозир ўзимни синаб кўраман, деган одамга, санъатда ҳам, қассобликда ҳам “кўк чироқ”. Кеча мол бозорида “сари-гири” қилиб юрган даллол шахсий продюссерлик марказини очса, ёки ҳайит намозида ҳар замонда бир “соппон, соппон!” деб қўядиган мутавали “Хотин йўғида” деган кафенинг хўжайинига айланса, нима дейсиз?!
Хонанда бўлиш — санъатшунослар тилидагина “кўнгил эҳтиёжи”. Шоу-бизнес тамойилига кўра эса — тирикчилик. Ҳозир машҳурликнинг тузукроқ пағонасига чиқиб олган ҳонанданинг битта тўйга бирровга “бош суқиши” учун бир оиланинг оғзини бинойидек оқартириб турган сигирнинг пули етмайди.
Шундай экан, бугун қўшиқчиларнинг хос қуроли — фонограммадан фойдаланишни қатъий тартибга солиш фурсати келмадимикин?
Мени бир оқибатсизлик таажжублантиради. Фикримга қўшилмасангиз — айтарсиз. Қаранг, бир қаламкаш йил давомида асосий иш жойидан ташқари бирорта нашрга моқола ёзиб, арранинг тишидек кемтик ганорар олган бўлса, йиллик даромади бўйича солиқ идораси эшигида сарғайиб, деклорация тўлдириши шарт. Лекин бир йилда икки юз саксонта тўйга бориб, хўрданиям, бўрданиям, “ўрта”ниям уриб келган хонандани солиқчилар сира безовта қилишмайди. Сезиб турибман, тахминан шундай эътирозингиз бор: “Ҳа, энди улар тўйга борган бўлса, давлатга бож тўлаб, лицензия олган...” Ҳақсиз. Лекин, мақола жониворни босган нашр ҳам давлат томонидан лицензияланган-ку?
Жонли ижродаги концерт тадоригида юрган бир хонанда яқинда радио орқали “Худога шукур, ҳамманинг уйида магнитофон бор, мухлисларни шунча лақиллатиб келганимиз етар”, деб масалани кўндаланг қўйди. Шундай деб, мухлислар кўнглини кўтариш, санъатимиз эртаси ҳақида қайғуриш ўрнига халқнинг тўй-ҳашамларида, яккахон концертларда калондимоғлик, сурбетлик, яна ошкора таъмагирлик...
 Эскидан қолган бир масал бор. Тобут айтаркан: “Ўзиям зўрмисан зўрман-да, одамлар мени ҳамиша қўлма-қўл қилади, елкасида олиб юради...” Ёғочдан ясалган нодон билмайдики, бу иззат-икромлар унга эмас, унинг  ичидаги майитга, ахир...
Санъатсевар халқнинг ихлосу умидини назар-писанд қилмай, ўзига эрк берган эстрадамизнинг айрим қўл етмас “юлдуз”ларини кўрганда шу матал ёдимга келаверади...
Бу ёқда эса отини тўғри ёзолмайдиган навқирон яллачилардан бири жонли радиоэфирда қайта-қайта “биз санъаткорлар, биз санъаткорлар” деб ўзига нисбат беради. Тўғри айтади болапақир, ҳозирги замонда ҳамма санъаткор, биз соддаси тушмагурлар эса шу пайтгача санъаткор деса Шерали Жўраевларни, санъатда мактаб яратганларни тушунарканмиз...
Мана бу фикрлар сизга танишми?
“Одамлар тўйда овқат еб, арақ ичиш билан овора бўлишади. Нега энди мен ўзимни қийнаб, маст-аласт даврада жонли ижрода қўшиқ айтишим керак? Ҳамма нарсанинг ўрни бор. Санъаткор ҳақиқий тингловчининг олдида ўзини кўрсатиши керак...”
Шу фикрлар соҳибига айтдим: “фонограмма билан қаергача бораркинсиз, ўлмасак кўрурмиз...”
Жавобни Бобур Мирзодан қилдиларким, “...аёқ етганча кетгаймен”.

... Яна чалғиб кетганимни сездим. Бундай пайтда кўпни кўрган алломалар сўзи кўмакка келади. Китоб жавонимга боқсам, кўзим Президентимизнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” китобига тушди. Муаллиф санъат ҳақида, адабий жараёнлар ва улардаги кемтикликлар ҳақида фикр юритар экан, ҳаққоний бир даъватни ўртага ташлайди: “Маданий жамоатчилигимиз, авваламбор мусиқашунос олимлар, устоз санъаткорлар, композиторлар, ёзувчи ва журналистлар, кўп сонли санъат ихлосмандлари бундай масалалар юзасидан ўз фикрини очиқ билдириб бориши, шу тариқа ёшларимизга тўғри тарбия беришимиз ҳам қарз, ҳам фарз, деб ўйлайман”.
Биласизми, мен ўзим излаётган энг муҳим мавзуни топгандек эдим. Ноутбукимни очдиму, оппоқ “саҳифа”га оқ ният билан ёза бошладим:

Одам деган ўзи овқат еб турган қошиқ билан... пашшани ўлдирмайди...




четверг, 23 апреля 2015 г.

(Мир)жалол... нега лол?

Миржалол — кенжа ўғлим бўлади. Яширишнинг ҳожати йўқ, футбол бўйича миллий терма жамоамиз бош мураббийи Қосимовга азбаройи ихлосимиз зўрлигидан арзандамизга шундай исм қўйганмиз. Эҳ, афсус, бултур унинг исмидан учта ҳарфни олиб ташлаб чақирадиган бўлдик: Жалол!
Ишқибозлик дарди қурсин, футбол командамиз жаҳон чемпионатига чиқмас экан, бу учта ҳарф ҳам ўғлимизнинг исмига тиркалмай туради, энди. Лекин, ҳозир гап бу ҳақда эмас.  
Кечагинда тўрт ёшга кирган ўғлим томиданам номи баланд бўлган боғчалардан бирига боради. Биз уни бир сўз билан “кунжара-боғча” деймиз. Муассаса мудирасининг беш-ўнта сўқим боқиладиган шахсий ёрдамчи хўжалиги боракан чоғи, қайнотамизнинг “масложир” комбинатида ишлашини билиб қолиб, набирасини жойлаётганда буважонисини икки тонна омухта емга ийдирганлар. Тадбиркорликнинг айби йўқ, омадларини берсин! Кетса қайнотамиздан кетибди, уларга ем — деҳқончилик, карнайчидан бир “пуф”.
Буёғини сўрасангиз, ўтган куни ўғлим боғчадан навбатдаги “мактуб” билан келди. “Навбатдаги” дейишимизнинг, яна “мактуб” сўзига қўштирноқдан сарупо кийдиришимизнинг боисини биласиз — киноя! Воқеан, бундай суллоҳона “йўқлов”лар тез-тез бўлиб туради, бинобарин, боғчаболангиз бўлса, сизга ҳам бегонамасдир?! Ўқиймиз: “Ҳурматли родители! Эртага боғчавузага пойтахтдан машҳур болалар театри жамоаси келиб, саҳнада “Маша ва айиқча”ни қўйиб беришади.  Шу сабабли, эртага болангиздан 4 000 сўм бериб юборишингизни сўрийвуза. Лёля Гадигаровна.” Имзо. Сана.
Дарвоқе, ўғлимни хориж тиллари гуруҳига берганмиз. Тил ўргансин. Лёля Гадигаровна — тарбиячиси. Мен бу “рус” аёлни биринчи кўрганимда ҳайрон қолганман. Ўзимизнинг қорамағиз қизлардан. Кейин билсам, “Гадигаровна” эмас — “Ёдгоровна”, исми ҳам “Лёля” эмас — Лолахон, экан. Кўрган киши астаҳидил исм ва жисм ҳақида ўйлаб қолади. Ҳарҳолда, боғча опамиз Лола қаёқдаю... Озодбекнинг қўшиғида таърифланган “ой теграсида хол-а” қаёқда! Кўрмаганман деманг, комик актриса Ҳалима бор-ку, ўшанинг ўзи. 
Бир сафар Лола Ёдгоровна деб... балога қолдим! Паспортда қандай ёзилган бўлса шундай чақиришимиз керакмиш. Шу бир парча қоғоздаги хато одамнинг ҳамиятидан устун. Ҳужжатида узунқулоқ ҳангининг номи ёзилмаганигаям шукр-а,  бўлмаса, шунданам тонмайдиганлар ҳилидан, Лёляхони тушмагур!
Зиқналикка йўясизми ё эзмаликками, оилада шахсий “кирим-чиқим” дафтарим бор. (Баъзан ўзим ҳам уялиб кетаман, аммо начора, худо берган феъл). Ойлик олсам ҳам, ердан топсам ҳам барини кирим қиламан, бозордан икки дона пашмак сотволсам ҳам, божамга тўёна берсам ҳам шу — ёзиб қўяман. Хуллас, ҳов Саъдулла Сиёев интермедиясидаги бозор кўрган йигитга ўхшаб, эрталаб уйдан бир сўм билан чиқсам, кечаси шу пулни қайтиб олиб келсам дейман. Иложи бўлса икки сўм қилиб. 
Дафтаримнинг “кирим” қисми ғарибгинаю, аммо, “чиқим” қисми даҳшат. От тепгандай қилади.
Қаранг, шу муштумдек боламизнинг боғча харажатлари ҳам Аҳад Қаюмнинг шеърларидек мўл ва ҳиргойибоб. Мусиқага солсангиз, нақ “Дилхирож”нинг усулига тушади-да ўзиям: “тапа-тум-там, тапа-тум-там, тум-тум-тум-тум...”
Икки йиллик “архив”ни кўтариб, бошингизни қотирмай, охиргиларини ўқийман:
- концелярия молларига — 5 000 сўм;
- пахтагулли чойнак-пиёлага — 1500 сўм;
- атир совун, кир совунга — 3000 сўм;
- ойнага целлофан тутишга — 2000 сўм;
- ҳожатхона қоғозига 1500 сўм (бир йилликдир, ҳойнаҳой);
- обунага 2000 сўм (боғчаболалар ҳали ҳарф танишмайди, лекин “Тошкент оқшоми”ни ўқишади),
- пахтага (тушунарсиз, тиббиёт пахтаси бўлсами ҳали?!) — 5000 сўм;
- театрга 3500 сўм;
- гиламга — 6000 сўм (ҳар йили гилам алиштиришади булар);
- тувакка (гул учун) — 700 сўм;
- телевизорга — 6500 сўм (зумрашалар ухлаганда, опалари сериал кўриши учун);
- янги йил байрамига — 3000 сўм;
- яна театрга 4000 сўм;
- Қорбобо кийими(!)га ва совғасига — 12000 сўм; 
- “фонд”га (ҳар ой) — 8000 сўм;
- саккизинчи мартга — 8 минг сўм;
- мудиранинг қизига группа номидан ҳайит тоғораси жўнатишга 7500 сўм (беданакабоб билан “чак-чак”).
Хуллас, эрталаб ўғлимизнинг “нонхалтаси”га яна 4 000 сўм солиб жўнатдик. Театрга.
Кечқурун ишдан келсам, болапақирнинг оғзи қулоғида. Театр кўрсатишибди. “Лосаа зў-ўлакан”. (Жалолтой “р”ни яхши айтолмайди). Ўғлим калласини у ёқ-бу ёққа ташлаб, “мани дадамни-чи, пистолети бор, билдинг”, деб мақтанган болакай каби тилини тепа тишининг орқасига “ч-ч” қилиб урганча, роса мақтанса, денг:
— Адажон, Лёля Гадигаровна бойла-ю, ўшала тиатийда Маша бўлдила, “ч-ч”, билди-из... Ану тётя Лиля-чи, ўшала  аюполвон бўб, Машани мамнақа қиб қўрқитди, “ч-ч”, билди-из...
Нимаям дердим, “Ёмонакан-де, аюполвон”, деб қўя қолдим!
Шунақа гаплар. Боғчага театр келса қандоқ яхши! Ўғлимиз пойтахтдан келган “санъат усталари”ю улар қўйиб берган “театр”ни эҳ-ҳе, қанча гапириб юрди-ю...

Дарвоқе, келаси ҳафта боғчага дарбозлар келишармиш, деб эшитдик. Агар шу гап рост бўлса, ҳозир шўрлик Лёля Гадигаровналар духобадан иштон тиктириб, дор ўйнашни машқ қилишаётгандир...  

среда, 25 марта 2015 г.

ЕГАН ОҒИЗ УЯЛАР

Қибрайдан чиқиб, Тошкент тарафга кетаётсам, шундоққина “Дўрмон” ёзувчилар ижод уйининг қайилмасида бир одам қўл кўтарди.
— “Эзадиёр” тўйхонасига, — деди мижоз очиқ ойнадан бош суқиб. Тўйхонанинг номини талаффуз қилганида урғу биринчи бўғинга тушди.
— Майли, ўтиринг.
— Йўқ, аввал ҳизмат ҳақини айтинг.
Йўлим шундоқ ҳам шаҳарга эди, шу боис инсоф билан сўрадим:
— Саккиз минг бера қолинг.
   Олти минг!
   Озроқ қўшинг...
   Бўпти, етти минг.
   Ўтиринг.
Савдомиз тезда пишиб, йўлга тушдик. Мижозим кўпни кўрган, дунёнинг илмини сув қилиб ичворган одамларданакан. “Чорсу”даги гўшт растасида тўртта “точка”си бўлган қассоб танишининг  тўй ошига кетаётган экан. У ёқ-бу ёқдан гурунглашиб, бир зумда манзилга яқинлашиб қолдик.
— Дарвоқе, исмингиз нимади, ўғлим?
Йўловчимнинг бу саволида, яна “ўғлим” дейишида бир шумлик борлиги ҳаёлимга ҳам келмаганди. Айтдим. У киши яна саволга тутди:
— Ҳозир мени манзилга элтгач, нима иш қиласиз?
Очиғи, озроқ ёлғон гапиришга тўғри келди:
— Тирикчилигимиз шу, тақсир...
— Тушлик вақти бўлиб қолди, — деди ҳамроҳим синовчан қараб. —Бирор жойда тамадди қилсангиз керак?
— Ҳа, албатта, — дедим камтарлик билан. — Мижозлардан бўшаганда йўлакай ул-бул еб оламан...
Бу орада тўйхонага ҳам етиб келдик. Ҳамроҳим, “энди гап бундай”, дегандек, кутилмаганда елкамга қўл ташлади.
— Ўғлим, машинани бир четга қўйинг, энди. Биллалашиб ошга кириб чиқамиз. Қассобнинг оши қазили бўлади.
Бу ғалати таклиф эди. Шошиб қолдим.
— Э, йўғ-э, ноқулай...
— Нимаси ноқулай, — деди ҳамроҳим чўрт кесиб. — Ҳозир барибир бирор жойда тушлик қилишингиз керакми? Ўлдим деганда, ўн минг пулингиз кетар. Ота-бола бўлиб ошга кириб чиқсак, овқат пулингиз ёнга қолади, сиз билан ҳам “раччўт” бўламиз.
Йўловчимнинг охирги гапи кулгили эди. Қуданинг тоғораси билан андани сийлагандек, бировнинг текин ошини едирарканлар-де, яна кира ҳақини “туя” қилмоқчилар.
— Ўзингиз бемалол кириб чиқаверинг, ошингизга, — дедим норози тўнғиллаб.
— Ҳазиллашдим, — деди ҳамроҳим ҳандон отиб. — Бераман, пулингизни. Аввал ошга кириб чиқайлик. Юрақолинг, энди, ана одамлар келаяпти, қўшилволамиз...
Қарасам, кирмаганимга қўядиганмас. Кап-катта одамни кўпам ялинтириш ноқулай эди. Ҳай майли, ош бўлса ош-да!
Буни қарангки, ўн икки кишилик столга ўн бир киши ўтириб қолдик. Ашаддий ошхўрларлардан бўлсангиз биласиз, бунақа пайтда қайсидир насибаси бутун одамга алоҳида лаган тегади. Ош тортилаётганда, ёнгинамда ўтирган “мижоз”им жиловни қўлга олиб, узатилаётган лаганни ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа чунонам моҳирона ўйнатдики... бир ўзимга бир лаган ош тушиб қолди. Ошпазам паловни сайратворибди, азамат! Нақ бир лаган паловхонтўрани бир ўзим пок-покиза туширдим. Ора-чорада ҳамроҳим бояги меҳрибонлик билан: “Олинг, катта-катта олинг, ўғлим, куни билан кўчада юрасиз”, деб далда бериб қўяди. Дастурхондан лаган олингунча зар қоғозга ўралган хўрозқанддай новвотдан биттасини  кўкчойга эритиб ичгандим, қорин жонивор ҳуштак чалворди.
Тўйбошилар билан ўзимизча хўшлашиб, кўчага чиққанимизда “мижоз”им чўнтак ковлади:
— Биздан қанча эди, ўғлим?
Нима дейишимни билмай қолдим. Еган оғиз уяларкан-да...