(Мир)жалол... нега лол?
Миржалол — кенжа ўғлим бўлади. Яширишнинг
ҳожати йўқ, футбол бўйича миллий терма жамоамиз бош мураббийи Қосимовга азбаройи
ихлосимиз зўрлигидан арзандамизга шундай исм қўйганмиз. Эҳ, афсус, бултур унинг
исмидан учта ҳарфни олиб ташлаб чақирадиган бўлдик: Жалол!
Ишқибозлик дарди қурсин, футбол командамиз
жаҳон чемпионатига чиқмас экан, бу учта ҳарф ҳам ўғлимизнинг исмига тиркалмай
туради, энди. Лекин, ҳозир гап бу ҳақда эмас.
Кечагинда тўрт ёшга кирган ўғлим томиданам
номи баланд бўлган боғчалардан бирига боради. Биз уни бир сўз билан
“кунжара-боғча” деймиз. Муассаса мудирасининг беш-ўнта сўқим боқиладиган шахсий
ёрдамчи хўжалиги боракан чоғи, қайнотамизнинг “масложир” комбинатида ишлашини
билиб қолиб, набирасини жойлаётганда буважонисини икки тонна омухта емга
ийдирганлар. Тадбиркорликнинг айби йўқ, омадларини берсин! Кетса қайнотамиздан
кетибди, уларга ем — деҳқончилик, карнайчидан бир “пуф”.
Буёғини сўрасангиз, ўтган куни ўғлим
боғчадан навбатдаги “мактуб” билан келди. “Навбатдаги” дейишимизнинг, яна
“мактуб” сўзига қўштирноқдан сарупо кийдиришимизнинг боисини биласиз — киноя!
Воқеан, бундай суллоҳона “йўқлов”лар тез-тез бўлиб туради, бинобарин,
боғчаболангиз бўлса, сизга ҳам бегонамасдир?! Ўқиймиз: “Ҳурматли родители!
Эртага боғчавузага пойтахтдан машҳур болалар театри жамоаси келиб, саҳнада
“Маша ва айиқча”ни қўйиб беришади. Шу
сабабли, эртага болангиздан 4 000 сўм бериб юборишингизни сўрийвуза. Лёля
Гадигаровна.” Имзо. Сана.
Дарвоқе, ўғлимни хориж тиллари гуруҳига
берганмиз. Тил ўргансин. Лёля Гадигаровна — тарбиячиси. Мен бу “рус” аёлни
биринчи кўрганимда ҳайрон қолганман. Ўзимизнинг қорамағиз қизлардан. Кейин
билсам, “Гадигаровна” эмас — “Ёдгоровна”, исми ҳам “Лёля” эмас —
Лолахон, экан. Кўрган киши астаҳидил исм ва жисм ҳақида ўйлаб қолади. Ҳарҳолда,
боғча опамиз Лола қаёқдаю... Озодбекнинг қўшиғида таърифланган “ой теграсида
хол-а” қаёқда! Кўрмаганман деманг, комик актриса Ҳалима бор-ку, ўшанинг ўзи.
Бир сафар Лола Ёдгоровна деб... балога
қолдим! Паспортда қандай ёзилган бўлса шундай чақиришимиз керакмиш. Шу бир
парча қоғоздаги хато одамнинг ҳамиятидан устун. Ҳужжатида узунқулоқ ҳангининг
номи ёзилмаганигаям шукр-а, бўлмаса,
шунданам тонмайдиганлар ҳилидан, Лёляхони тушмагур!
Зиқналикка йўясизми ё эзмаликками, оилада
шахсий “кирим-чиқим” дафтарим бор. (Баъзан ўзим ҳам уялиб кетаман, аммо начора,
худо берган феъл). Ойлик олсам ҳам, ердан топсам ҳам барини кирим қиламан,
бозордан икки дона пашмак сотволсам ҳам, божамга тўёна берсам ҳам шу — ёзиб
қўяман. Хуллас, ҳов Саъдулла Сиёев интермедиясидаги бозор кўрган йигитга ўхшаб,
эрталаб уйдан бир сўм билан чиқсам, кечаси шу пулни қайтиб олиб келсам дейман. Иложи
бўлса икки сўм қилиб.
Дафтаримнинг “кирим” қисми ғарибгинаю, аммо,
“чиқим” қисми даҳшат. От тепгандай қилади.
Қаранг, шу муштумдек боламизнинг боғча харажатлари ҳам Аҳад Қаюмнинг шеърларидек мўл ва ҳиргойибоб. Мусиқага
солсангиз, нақ “Дилхирож”нинг усулига тушади-да ўзиям: “тапа-тум-там,
тапа-тум-там, тум-тум-тум-тум...”
Икки йиллик “архив”ни кўтариб, бошингизни
қотирмай, охиргиларини ўқийман:
- концелярия молларига — 5 000 сўм;
- пахтагулли чойнак-пиёлага — 1500 сўм;
- атир совун, кир совунга — 3000 сўм;
- ойнага целлофан тутишга — 2000 сўм;
- ҳожатхона қоғозига 1500 сўм (бир
йилликдир, ҳойнаҳой);
- обунага 2000 сўм (боғчаболалар ҳали ҳарф
танишмайди, лекин “Тошкент оқшоми”ни ўқишади),
- пахтага (тушунарсиз, тиббиёт пахтаси
бўлсами ҳали?!) — 5000 сўм;
- театрга 3500 сўм;
- гиламга — 6000 сўм (ҳар йили гилам
алиштиришади булар);
- тувакка (гул учун) — 700 сўм;
- телевизорга — 6500 сўм (зумрашалар
ухлаганда, опалари сериал кўриши учун);
- янги йил байрамига — 3000 сўм;
- яна театрга 4000 сўм;
- Қорбобо кийими(!)га ва совғасига — 12000
сўм;
- “фонд”га (ҳар ой) — 8000 сўм;
- саккизинчи мартга — 8 минг сўм;
- мудиранинг қизига группа номидан ҳайит
тоғораси жўнатишга 7500 сўм (беданакабоб билан “чак-чак”).
Хуллас, эрталаб ўғлимизнинг “нонхалтаси”га
яна 4 000 сўм солиб жўнатдик. Театрга.
Кечқурун ишдан келсам, болапақирнинг оғзи
қулоғида. Театр кўрсатишибди. “Лосаа зў-ўлакан”. (Жалолтой “р”ни яхши
айтолмайди). Ўғлим калласини у ёқ-бу ёққа ташлаб, “мани дадамни-чи, пистолети
бор, билдинг”, деб мақтанган болакай каби тилини тепа тишининг орқасига “ч-ч”
қилиб урганча, роса мақтанса, денг:
— Адажон, Лёля Гадигаровна бойла-ю, ўшала
тиатийда Маша бўлдила, “ч-ч”, билди-из... Ану тётя Лиля-чи, ўшала аюполвон бўб, Машани мамнақа қиб қўрқитди,
“ч-ч”, билди-из...
Нимаям дердим, “Ёмонакан-де, аюполвон”, деб
қўя қолдим!
Шунақа гаплар. Боғчага театр келса қандоқ
яхши! Ўғлимиз пойтахтдан келган “санъат усталари”ю улар қўйиб берган “театр”ни
эҳ-ҳе, қанча гапириб юрди-ю...
Дарвоқе, келаси ҳафта боғчага дарбозлар
келишармиш, деб эшитдик. Агар шу гап рост бўлса, ҳозир шўрлик Лёля
Гадигаровналар духобадан иштон тиктириб, дор ўйнашни машқ қилишаётгандир...